02/06/2026
Фарғонага Малайзия компанияларининг қизиқиши ортиб бормоқда
Куала-Лумпур шаҳрида Фарғона–Малайзия бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда Малайзиянинг йирик компаниялари ва бизнес доира вакиллари, шунингдек Фарғона вилояти тадбиркорлари иштирок этди.
Форумда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи туфайли Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Фарғона вилоятида инвесторлар учун кенг имкониятлар мавжудлиги, саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қатор истиқболли лойиҳалар таклиф этилаётганини қайд этди. Шунингдек, Малайзия компанияларининг Фарғонага бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр экани алоҳида маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил мустаҳкамланаётганини билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда, жумладан туризм соҳасида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Малайзия–Ўзбекистон Бизнес Алянси (MUBA) президенти Сри Кинг Лим эса Фарғона вилояти билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги бизнес йўналишларини очиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Фарғона–Малайзия бизнес форуми икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги сармоявий йўналишларни белгилаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Тадбир доирасида вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов томонидан Ўзбекистонда, хусусан, Фарғонада яратилган очиқ ва инвесторлар учун қулай муҳит, иқтисодий ислоҳотлар ва кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Форум давомида юзма-юз учрашувлар ташкил этилди. Фарғона ва Малайзия ишбилармон доиралари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилиниб, қатор дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, Фарғона вилояти делегацияси Малайзия-Ўзбекистон Бизнес Алянси (MUBA)нинг умумий йиллик йиғилишида иштирок этди.
Ушбу альянс икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо, инвестиция, технологиялар алмашинуви ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган нодавлат ташкилот бўлиб, у тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда давлат идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.