01/06/2026
Сувни тежашдан рақамли бошқарувгача: соҳадаги ислоҳотлар қандай натижа бермоқда?
Йилдан-йилга сув ресурслари инсоният тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим стратегик омиллардан бирига айланиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг жадал ўсиши, саноат ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларининг ортиши, шунингдек, урбанизация жараёнларининг кенгайиши сув захираларига бўлган босимни тобора кучайтирмоқда. Натижада сувдан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш ва келажак авлодлар учун сақлаб қолиш масаласи глобал кун тартибидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланди.
Шу сабабли кўплаб мамлакатлар сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сув тежамкорлигини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурларни амалга оширмоқда. Сув хавфсизлигини таъминлаш эса бугунги кунда миллий хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида эътироф этилмоқда.
Марказий Осиё мазкур жараёнларнинг таъсирини энг кучли ҳис қилаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 21 аср ўртасига келиб Тянь-Шань, Помир ва Ҳиндукуш тоғларидаги музликларнинг ярмидан кўпроғи йўқолиши мумкин. Бу эса Сирдарё ҳавзасида сув оқимининг 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида эса 15 фоизгача қисқаришига олиб келади. Шу билан бирга, 2040 йилга қадар минтақа аҳолиси 90 миллион нафарга яқинлашиши ва сув танқислиги даражаси 30 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистон ҳам мазкур муаммолардан мустасно эмас. Мутахассисларнинг баҳолашларига кўра, 2030 йилга келиб мамлакатда сув ресурслари тақчиллиги 15 миллиард куб метргача етиши мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун жиддий муаммо туғдириш мумкин.
Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, янги таҳрирдаги Сув кодекси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент ташаббуси билан 2024 йилдан бошлаб мамлакатда “фавқулодда сувни тежаш режими” жорий этилди. Бу сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни сақлаб қолишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Батафсил:
https://gov.uz/oz/suvobekt/news/view/171065
Илҳом Жўраев,
Сув хўжалаги объектларини
эксплуатация қилиш агентлиги
директорининг биринчи ўринбосари.
Rasmiy vebsayt: O'zbekiston Respublikasi suv xo'jaligi vazirligi huzuridagi Suv xo'jaligi obyektlarini ekspluatatsiya qilish agentligi