30/04/2025
Ўқувчини ҳақоратлаган шахс суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилди
Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судининг очиқ суд мажлисида 1983 йилда туғилган, оилали, маълумоти олий, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган фуқаро М.Ҳ.га(Қўшкўпир тумани 14-сон мактаб директори лавозимида ишлаган) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси(ҳақорат қилиш) билан маъмурий иши кўриб чиқилди.
Судда маълум бўлишича М.Х. Қўшкўпир тумани 14-сон мактабнинг синф хонасида, шу синф ўқувчисини шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиб, уни ҳар-хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, сочидан тортиб юзига тарсаки туширган.
М.Х. суд мажлисида айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам у шу куни педагогга хос ҳаракат қилмаганини, қилмишидан пушаймонлигини айтган. Жабрланувчининг қонуний вакили А.Б. судда унга нисбатан қонуний чора қўллаб беришни сўраб кўрсатув берган.
Суд қарори билан М.Ҳ. МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга шу модда билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 3.750.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича тегишли тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилди.
Телеграм каналга уланиш: