12/07/2019
Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида асосий устувор вазифаси этиб амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳолининг кам таъминланган қатлами, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, яхши ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шунингдек, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшга доир пенсионерлар ва пенсия ёшидагилар, ижтимоий пенсия олувчилар, оилаларнинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари -боқувчисини йўқотгани сабабли нафақа оладиганлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз қариялар учун ижтимоий муҳофазани янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратилган.
Таълим соҳасида кам таъминланган оилалар учун мақбул бўлган бир ёки бир неча устувор йўналишга эга махсус мактабгача таълим масканлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, олий педагогик, тиббиёт ва бошқа ўқув масканларига ўқишни тамомлаганидан сўнг ўқишга киргунга қадар яшаган қишлоқ аҳоли пунктларида ишлаш шарти билан давлат гранти асосида ўқишлари учун қишлоқ ёшларига имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, тўлов-шартнома асосида ўқийдиган кам таъминланган оилалар талабаларига фоизсиз таълим кредитларини тақдим этиш, ногиронлиги бўлган ёшларнинг олий ўқув юртларида ўқишлари имконияти даражасини ошириш каби вазифаларнинг устувор йўналишлар сифатида қайд этилиши Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган энг долзарб ва ўз ечимини топиши зарур бўлган йўналишлар ҳисобланади.
Айниқса, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ижтимоий тенглик тамойилларини дастуриламал қилиб олган Ўзбекистон ХДП ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли ва қобилиятли фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантлари тизимини яратиш, чекка ва олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини молиялаштиришга йўналтирилган давлат бюджети харажатларини ошириш, кам таъминланган оилаларни “Баркамол авлод” болалар марказларига тўланадиган ота-оналик бадалидан озод қилиш, ёш авлоднинг, айниқса, чекка ва олис қишлоқ аҳоли пунктларида маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда спорт билан шуғулланишини ташкил этиш, кам таъминланган аҳоли қатламлари учун мақбул бўлган инфратузилмани янада ривожлантириш каби вазифаларни амалга ошириш муҳим устувор йўналишлар эканлигини эътироф этилиши Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурини жуда катта аҳамиятга молиқ дастур эканлигидан далолатдир.
Ўзбекистон ХДП Қизилтепа туман кенгаши раиси Ф.Темиров