11/06/2022
Конституциявий ислоҳотлар хотин-қизлар ва ёшлар нигоҳида
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент вилоят филиали қошидаги “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда хотин-қизлар ва ёшларнинг иштироки муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг ҳоҳиш-истаги, эзгу мақсадлар ифодаси, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Бош Қомусимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштириш давр тақозоси экани, олиб борилаётган изчил ислоҳотларни унда акс эттириш борасида бошланган тарихий ишлар алоҳида айтиб ўтилди. Бу қизғин жараёнда барча қатлам вакиллари, жумладан, мутахассислар, сиёсатчилар, зиёлилар иштирок этяпти, улар қатори мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларнинг фаол бўлиши хам табиийдир.
Шу боис тадбирда сўзга чиққан “Келажак лидерлари” аъзолари бўлмиш ёшларимиз мамлакатимизда кечаётган бу муҳим сиёсий жараёнга бефарқ эмаслигини, ҳудудларда конституциявий ислоҳотлар тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар давомида ёшлар Конституцияга ўзгартириш киритишга оид кўплаб таклифлари билан иштирок этаётгани, хусусан, улар томонидан инсон ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, оила институтини ривожлантириш борасидаги таклифлар илгари сурилаётганини маълум қилдилар.
Давра суҳбатида “Келажак лидерлари” клуби аъзолари томонидан Конституцияни такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, таклифлар илгари сурилди.