21/10/2025
Жасорат туйғуси мустаҳкамланаётган масканда ҳарбийча мулоқот
Учкўприк туманидаги 20-умумтаълим мактаби — "Жасорат мактаби"да ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш мақсадида "Қўмондон ва ёшлар учрашуви" ташкил этилди.
Учрашувда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, туман ҳокими ўринбосарлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, таълим масканининг устоз ва мураббийлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида сўз олганлар ёшларга ҳарбий хизматнинг шарафли бурч эканини, Ватан тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, замонавий технологиялар асосида ташкил этилаётган ҳарбий таълим тизими, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашув жараёнида фахрийлар ўз ҳаёт йўлларидан ибратли мисоллар келтириб, ёшларни Ватанга садоқат, жасорат, интизом ва фидойиликка чорлашди. Ўқувчи ёшлар эса ўз навбатида ҳарбий хизматчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, самимий мулоқот тарзида фикр алмашдилар. Тадбир якунида фаол ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Қайд этиш жоизки, "Жасорат мактаблари"да бу каби учрашувларнинг ўтказилиши бежиз эмас. Чунки жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда ушбу мактаблар фаолияти йўлга қўйилиб, улар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, интизом ва садоқат руҳида тарбиялашнинг янги босқичига айланди. Шундай тадбирлар орқали ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, бурчни ҳис этиш ва масъулият билан хизмат қилиш туйғулари янада мустаҳкамланмоқда.
Тадбир доирасида мактаб ҳовлисига Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги номидан рамзий дарахт кўчати экилди.